О Муқаддас Китоб
Мазкур илова ўзбек тилидаги Муқаддас Китобнинг, яъни Библиянинг кирилл ёзувидаги вариантидир. Илованинг лотин варианти, шунингдек iOS учун кирилл ва лотин вариантлари ҳам мавжуд.
Илованинг лотин варианти:
https://play.google.com/store/apps/details?id=org.ibt.uzbek.muqaddas.kitob.lotin.sab&hl=en
Илованинг рус тилидаги тафсилоти:
https://play.google.com/store/apps/details?id=org.ibt.uzbek.muqaddas.kitob.lotin.sab&hl=ru
Муқаддас Китобнинг бошқа электрон форматлари:
http://www.ibt.org.ru/muqaddas-kitob
Муқаддас Китоб аслида иброний, орамий ва юнон тилларида ёзилган ва ўзбек тилига ўша тиллардан таржима қилинган. Мазкур таржимага ҳар бир китобга кириш, сарлавҳалар, изоҳлар, луғат, расмлар, жадваллар ва хариталар илова қилинган. Муқаддас Китобнинг таржима жараёни, уни чуқур ўрганиш учун берилган ушбу манбалар билан, шунингдек, у ҳақда яна бошқа маълумотлар билан танишишни истасангиз, мазкур иловага киритилган Сўз боши ва Муқаддас Китобга кириш қисмларига мурожаат этинг.
Қуйидаги маълумот 2016 йилда нашр қилинган Муқаддас Китобнинг Сўз бошидан олинган:
Мазкур Китоб икки минг йилдан ошиқ давр мобайнида муқаддас деб эътироф этилган битикларнинг ўзбек тилига қилинган биринчи тўлиқ таржимасидир. Муқаддас Китоб Эски ва Янги Аҳд битикларидан иборат. Булар таркибида ўзбек китобхонларига яхши таниш бўлган Таврот, Забур, Инжил, шунингдек Пайғамбарлар битиклари бор.
1992 йили Янги Аҳд китоблари ўзбек тилида Инжил номи остида илк бор тўлиқ ҳолда чоп этилган эди. Инжил китобининг илк таржима матни чоп этилгандан кейин ҳам жиддий таҳрир қилинди ва мазкур нашрга киритилди. Ушбу таржима устида мутахассислар йигирма йилдан кўпроқ меҳнат қилдилар. Ниҳоят, Муқаддас Китоб тўлиқ ҳолда Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида чоп этилди.
Муқаддас Китобда баён қилинган аксарият воқеалар ғарбий Осиёда бўлиб ўтган бўлса–да, ундаги бебаҳо ҳикматлар дунё бўйлаб ёйилиб, кўплаб халқлар маданиятини янада бойитди. Инсоният тарихида Муқаддас Китобдан кўра кўп таржима қилинган китоб йўқ. Муқаддас Китоб жаҳон маданиятининг классик мероси ҳисобланади.
Бутун жаҳонда адабиётнинг юксак намунаси сифатида қадрланадиган мазкур Китоб Худонинг инсоният билан бўлган муносабати тарихи ҳақида сўз юритади. Шу боис Китоб асрлар давомида одамларга Яратувчи билан ҳамда бир–бирлари билан ярашиш йўлини кўрсатиб келмоқда.
Таржимонлар гуруҳи мазкур Китобга жиддий илмий иш сифатида ёндашганлар. Улар Китоб таржимаси юзасидан чуқур тадқиқотлар олиб бориб, ўз олдиларига қўйилган вазифаларни ниҳоятда диққат–эътибор билан бажарганлар. Буни нафақат матннинг ўзидан, балки китобхоннинг билимини ошириш учун китобга илова қилинган қўшимча маълумотлардан ҳам кўришингиз мумкин. Шу билан бирга, таржима услубига ҳам катта эътибор берилган, матн замонавий китобхонларимизга тушунарли бўлиши учун табиий ва содда тилда таржима қилинган.
Муқаддас Китобда баён қилинишича, Худо ҳар бир одамни Ўзига чорлайди, Хушхабарнинг мағзи ҳам асосан ана шундан иборат. Исо Масиҳ ер юзига келиб, хочдаги ўлими ва ўликдан тирилиши орқали бизга Худо билан ярашиш имконини берди. Худонинг мангу севгиси Исо орқали осмондан заминга тушиб келди. Исо Худонинг феъл–атворини инсоний маданият ва тил орқали бизга намоён қилди. Шунинг учун биз Худонинг қандай феъл–атворга эга эканини била оламиз. Умид қиламизки, Муқаддас Китобнинг мазкур таржимаси кўплаб китобхонларимизни Хушхабар орқали Худо билан яраштиради.
Муқаддас Китоб
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020
ibt_inform@ibt.org.ru
Обновление Муқаддас Китоб 3.1.1
Some minor errors have been corrected.
Читать далее